YouVersion Logo
Search Icon

Ҳаворийлар 10

10
10–БОБ
Бутрус ва Корнилий
1Қайсарияда#10:1 Қайсария — Қуддусдан 90 километр шимоли–ғарбда, Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган муҳим шаҳар. Бу шаҳар Рим империясига қарашли бўлган Яҳудия вилоятининг пойтахти эди. Корнилий деган бир одам бор эди. У Рим лашкаридаги “Италия” номли бўлинмада юзбоши эди. 2Корнилий тақводор одам бўлиб, унинг ўзи ҳам, оиласи ҳам Худодан қўрқарди#10:2 …Худодан қўрқарди — муаллиф бу иборани яҳудийларнинг Худосига сажда қилган ғайрияҳудийларга нисбатан ишлатган. Улар яҳудий динининг қонун–қоидаларини бажарар эдилар ва уларнинг урф–одатларига риоя қилардилар, аммо суннат қилинмаган эдилар (11:3 га қаранг).. У камбағал яҳудийларга кўп хайр–садақа берар, доимо Худога ибодат қиларди. 3Бир куни соат учларда#10:3 соат уч — юнонча матнда тўққизинчи соат, яҳудийларнинг урф–одатига кўра, куннинг бу пайти ўша соат билан белгиланар эди. Шу бобнинг 30–оятида ҳам бор. унга ваҳий келди. Худонинг фариштаси кириб келаётганини у аниқ кўрди. Фаришта: “Корнилий!” деб чақирди.
4Корнилий қўрқув ичида унга тикилиб қараб:
— Лаббай, Ҳазрат! — деди.
Фаришта унга шундай деди:
— Сенинг ибодатларинг ва хайр–садақаларинг Худога маъқул бўлди. 5Энди Яффага одам юбориб, Бутрус деган одамни#10:5 Бутрус деган одам — юнонча матнда Бутрус деган Шимўн (шу бобнинг 18, 32–оятларида ҳам бор). Исо Масиҳ Шимўнга Бутрус исмини берган эди (Марк 3:16, Луқо 6:14 га қаранг). Баъзан у ҳақда сўз юритилганда, иккала исм ҳам биргаликда ишлатилади. чақиртириб кел. 6Бутрус бир кўнчининг#10:6 кўнчи — 9:43 изоҳига қаранг. уйида меҳмон бўлиб турибди. Шимўн исмли ўша кўнчининг уйи денгиз бўйида#10:6 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар оятга қўшимча қилинган: Унинг сенга айтадиган сўзларидан ўзинг билан бутун хонадонинг нажот топасизлар..
7Корнилийга гапирган фаришта кетди. Корнилий хизматкорларидан иккитасини ва унга хизмат қиладиган тақводор, ишончли бир аскарини чақирди. 8Рўй берган ҳодисани уларга айтиб бериб, уларни Яффага жўнатди.
9Кейинги кун туш пайтида#10:9 туш пайти — юнонча матнда олтинчи соат, яҳудийларнинг урф–одатига кўра, куннинг бу пайти ўша соат билан белгиланар эди. улар йўлда давом этиб, шаҳарга яқинлашганларида, Бутрус ибодат қилгани томга чиққан эди#10:9 …томга чиққан эди — у замонларда уйларнинг томи текис бўлиб, одамлар томга чиқиб дам олишарди.. 10У очқаб, бирон нарса тановул қилгиси келди. Овқат тайёрланаётганда, Бутрусга ваҳий келди. 11У осмон очилганини, катта дастурхонга ўхшаш бир нарса тўрт бурчагидан осилган ҳолда ерга тушиб келаётганини кўрди. 12Унинг ичида турли ҳайвонлар, судралиб юрувчилар ва қушлар бор эди. 13Шу пайт у: “Ўрнингдан тур, Бутрус, сўйиб егин” деган овозни эшитди. 14Аммо Бутрус деди:
— Асло ундай қилмайман, Эгам! Мен ҳеч қачон ҳаром ёки нопок нарсаларни#10:14 ҳаром ёки нопок нарсалар — Мусо қонунларига кўра, ҳаром ҳисобланган, ейиш ман этилган жониворлар (Левилар 11:1-47 га қаранг). емаганман!
15Ўша овоз яна Бутрусга: “Худо ҳалол деб айтган нарсаларни сен ҳаром демагин”, дея гапирди. 16Бу суҳбат уч марта такрорланди. Шунда дастурхон бирдан осмонга олинди.
17Бутрус, бу ваҳийнинг маъноси нима экан, деб эсанкираб турганда, Корнилий юборган одамлар келиб қолдилар. Улар кўнчи Шимўннинг уйи қаердалигини билиб олиб, дарвоза олдида турган эдилар. 18Улар баланд овоз билан:
— Бутрус деган меҳмон шу ердами? — деб сўрадилар.
19Бутрус ҳали ҳам ваҳий ҳақида ўйлаб ўтирган эди. Шунда Муқаддас Руҳ унга деди:
— Қара, учта одам сени излаб келди. 20Энди ўрнингдан тур, пастга туш, ҳеч иккиланмай улар билан бирга бор. Уларни Мен жўнатганман.
21Шундай қилиб, Бутрус пастга тушиб, уларга деди:
— Сизлар излаётган одам менман. Нима сабабдан келдингизлар?
22— Бизни Рим юзбошиси Корнилий жўнатди, — деб жавоб берди улар. — У солиҳ, Худодан қўрқадиган одам, бутун яҳудий халқи орасида катта обрўга эга. Худонинг фариштаси унга: “Бутрусни уйингга таклиф қил, унинг айтганларини эшитгин”, деб айтибди.
23Шундан кейин Бутрус уларни ичкарига таклиф этиб, меҳмон қилди.
Кейинги куни Бутрус улар билан бирга йўлга отланди. Яффалик баъзи имонлилар Бутрус билан бирга кетдилар. 24Эртаси куни улар Қайсарияга кириб келдилар. Корнилий уларни кутаётган эди. У қариндошлари ва яқин дўстларини таклиф қилган эди. 25Бутрус уйга кириб, Корнилийга рўпара келди. Шунда Корнилий Бутруснинг оёқларига бош уриб, унга таъзим қилди. 26Аммо Бутрус унга:
— Ўрнингдан тур, мен ҳам бир бандаман, — деб уни турғизиб қўйди.
27Бутрус у билан гаплашаркан, ичкарига кирди ва у ерда бир талай одам тўпланганини кўрди. 28Бутрус уларга шундай деди:
— Ўзларингиз биласизларки, яҳудий одам бошқа халқдан бўлган одам билан алоқа боғлаши, уникига бориши қонунимизга хилофдир. Аммо Худо энди менга ҳеч бир кимсани ҳаром ёки нопок деб ҳисобламасликни аён қилди. 29Шунинг учун менга одам юборганларингизда, ҳеч қандай эътироз билдирмай келдим. Энди билсам бўладими, нима учун мени чақиртирдингизлар?
30Корнилий шундай жавоб берди:
— Тўрт кун илгари худди шу пайтда — соат учларда уйимда ибодат қилаётган эдим. Бирдан#10:30 …худди шу пайтда — соат учларда уйимда ибодат қилаётган эдим. Бирдан… — юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида …худди шу пайтда уйимда рўза тутаётган эдим. Соат учларда ибодат қилаётганимда, бирдан…. рўпарамда оппоқ кийим кийган бир одам пайдо бўлди. 31У менга шундай деди: “Корнилий, сенинг ибодатинг Худога етиб борди, хайр–садақаларингни У маъқул кўрди. 32Энди Яффага одам юбориб, Бутрус деган одамни чақиртириб кел. У Шимўн исмли кўнчининг уйида меҳмон бўлиб турибди. Шимўннинг уйи денгиз бўйида#10:32 Юнонча матндан. Баъзи юнон қўлёзмаларида қуйидаги сўзлар фариштанинг гапига қўшимча қилинган: Унинг сенга айтадиган сўзлари бор..” 33Шунинг учун дарҳол сизга одам юбордим, сиз ҳам олижаноблик қилиб, келдингиз. Эгамиз сизга айтишни буюрган ҳамма нарсани эшитиш учун энди ҳаммамиз Худонинг ҳузурида тўпландик.
Ғайрияҳудийлар Хушхабарни эшитадилар
34Бутрус уларга гапира бошлади:
— Ҳақиқатан ҳам, Худо тарафкашлик қилмаслигини биламан. 35Ҳар бир элатда Худодан қўрқадиган ва тўғри ишларни қиладиган ҳар бир одам Унга маъқулдир. 36У Исроил халқига юборган хабарни биласизлар. Тинчлик келтирадиган бу Хушхабарни Худо Исо Масиҳ орқали эълон қилди. Исо Масиҳ ҳамманинг Раббийсидир. 37Яҳудия бўйлаб нималар юз берганини биласизлар. Бу ҳодисаларнинг ҳаммаси Яҳёнинг чўмдирилиш тўғрисидаги хабаридан кейин Жалила ҳудудида бошланган эди. 38Худо Носиралик Исони Муқаддас Руҳ ва куч–қудрат билан қандай тўлдирганини биласизлар. Исо ҳамма ёққа бориб, яхши ишлар қилди, иблиснинг ҳукмронлигидан азоб чекканларни шифолади, чунки Худо У билан эди. 39У Яҳудия ва Қуддусда қилган ишларнинг ҳаммасига биз гувоҳмиз. Шундан кейин Исони ёғочга#10:39 ёғоч — 5:30 изоҳига қаранг. михлаб, ўлдирдилар. 40Аммо Худо Уни учинчи куни тирилтириб, зоҳир қилди. 41Исо ҳаммага эмас, фақат бизга зоҳир бўлди. Чунки Худо бизни Исо ҳақида гувоҳлик беришимиз учун танлаганди. Исо тирилгандан кейин биз У билан еб–ичдик. 42У бизга: “Халқларга ваъз қилиб, гувоҳлик беринглар. Ўликлар ва тирикларни ҳукм қилиш учун Худо Мени тайинлаганини уларга айтинглар”, — деб буюрди. 43Барча пайғамбарлар ҳам Исо тўғрисида гувоҳлик берган эдилар. Исога ишонган ҳар бир одамнинг гуноҳлари Унинг номи туфайли кечирилади, деб айтган эдилар.
Ғайрияҳудийлар Муқаддас Руҳни қабул қиладилар
44Бутрус ҳамон гапирар экан, унинг сўзларини эшитаётганларни Муқаддас Руҳ қамраб олди. 45Худо ғайрияҳудийларга ҳам Муқаддас Руҳни инъом қилиб берганини Бутрус билан бирга келган яҳудий имонлилар#10:45 яҳудий имонлилар — юнонча матнда суннат қилинган имонлилар, Исо Масиҳга ишонган яҳудийлар назарда тутилган. кўриб ҳайратда қолдилар. 46Чунки ғайрияҳудийлар бошқа#10:46 бошқа — ёки номаълум. Яна 2:4-8 га қаранг. тилларда гаплашаётганини ва Худони улуғлаётганларини улар эшитиб турардилар. Шунда Бутрус деди:
47— Бу одамлар, худди биз сингари, Муқаддас Руҳни қабул қилдилар. Шундай экан, уларнинг сувга чўмдирилишига ким тўсқинлик қила олади?!
48Шундай қилиб, Бутрус уларга, Исо Масиҳ номи билан сувга чўминглар, деб буйруқ берди. Сўнг улар Бутрусдан бир неча кун қолишини илтимос қилдилар.

Highlight

Share

Copy

None

Want to have your highlights saved across all your devices? Sign up or sign in