Ибтидо 3

3
3–БОБ
Одам Ато ва Момо Ҳаво гуноҳ қилади
1Парвардигор Эгамиз ҳамма ёввойи ҳайвонларни ҳам яратган эди. Ўша ҳайвонлар орасида анча айёри илон эди. Илон хотиндан:
— Ҳақиқатан ҳам Худо, боғдаги биронта дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдими? — деб сўради.
2Хотин илонга:
— Йўғ–э, биз боғдаги ҳамма дарахтларнинг мевасидан ейишимиз мумкин, — деб жавоб берди. 3— Лекин Худо, боғ ўртасидаги дарахтнинг мевасидан еманглар ҳам, тегманглар ҳам, акс ҳолда, ўласизлар, деб айтган.
4Илон эса хотинга:
— Йўқ, ўлмайсизлар, — деди. 5— Чунки Худо биладики, сизлар бу мевалардан есангиз, кўзларингиз очилиб, сизлар ҳам барча яхши ва ёмон нарсаларни биладиган бўлиб, Худога#3:5 Худо — ёки худолар ёхуд илоҳий мавжудотлар. ўхшаб қоласизлар.
6Хотин қарасаки, ўша дарахт кўзга чиройли кўринади, мевалари жуда ейишли экан. Хотин: “Қанийди мевалар менга донолик ато қилса”, деб орзу қилди. У дарахтнинг мевасидан олиб еди, кейин ёнида турган эрига ҳам берди. Эри ҳам еди. 7Ўша заҳоти икковининг ҳам кўзлари очилиб, улар яланғоч эканликларини англадилар, анжир баргларини сонлари атрофига тизиб, ўзларига ёпинчиқ ясадилар.
8Оқшом пайти шабада эсиб турганда, одам ва хотини боғда Парвардигор Эгамизнинг юрганини билдилар. Улар Парвардигор Эгамизнинг назаридан қочиб, боғдаги дарахтлар орасига яшириндилар. 9Парвардигор Эгамиз:
— Қаердасан? — деб одамни чақирди. 10Одам:
— Мен боғда юрганингни билдим–у, яланғоч бўлганим учун қўрқиб, яшириндим, — деди.
11— Яланғоч эканингни сенга ким айтди? — деб сўради Худо. — Ёки Мен, еманглар, деб амр этган дарахтнинг мевасидан едингми?
12Одам жавоб берди:
— Ўзинг менга берган хотин ўша дарахтнинг мевасидан менга берди, мен ҳам едим.
13Шунда Парвардигор Эгамиз хотинга:
— Бу нима қилганинг? — деди.
— Илон мени алдади, мен мевадан едим, — деди хотин.
Худо ҳукм қилади
14Парвардигор Эгамиз илонга шундай деди:
“Шу қилмишларинг учун
Лаънати бўлгайсан барча жонзотлар орасида
Ва жамики ёввойи ҳайвонлар орасида.
Қорнинг билан судралиб юргайсан,
Умринг бўйи тупроқ егайсан.
15Душманлик пайдо қиламан сен билан хотин ўртасида,
Сенинг зотинг билан унинг зоти орасида.
Унинг зоти эзиб ташлайди сенинг бошингни,
Сен чақиб оласан унинг товонини.”
16Хотинга эса шундай деди:
“Ҳомиладорлигингда ғоят азоб бераман,
Машаққат ила бола туғасан.
Аммо эрингни қўмсайверасан,
Эринг эса ҳоким бўлади сенинг устингдан.”
17Парвардигор Эгамиз одамга шундай деди:
“Хотинингнинг гапига кирганинг учун,
Мен, ема, деб тақиқлаган мевани еганинг учун
Сен туфайли ерни лаънати қилдим.
Бутун умринг бўйи тимдалаб ерни,
Ердан ўтказасан тирикчилигингни.
18Ернинг ҳосили емишинг бўлса ҳам,
Ер сен учун тиканлару қушқўнмас#3:18 қушқўнмас — майда тиканли ёввойи ўт. ўстиради.
19Сен тупроқдан яралгансан,
То тупроққа қайтгунингга қадар,
Пешана теринг билан нон ейсан.
Зеро, сен тупроқдирсан
Ва тупроққа қайтасан.”
20Хотин жамики инсонларнинг онаси бўлгани учун, Одам Ато#3:20 Одам Ато — ибронийча матнда одам. Ибронийча матнда одам ва Одам Ато учун бир сўз ишлатилган. Бу оятдан бошлаб матнда бу сўз Одам Атога нисбатан ишлатилганда исм сифатида таржима қилинган. унга Момо Ҳаво#3:20 Момо Ҳаво — бу исм ибронийчадаги тириклар сўзига оҳангдош. Мазкур оятда шу ибронийча тириклар сўзи инсонлар деб таржима қилинган. деб исм берди. 21Одам Ато ва унинг хотини учун Парвардигор Эгамиз теридан кийим–кечак ясаб, уларни кийинтириб қўйди.
Одам Ато ва Момо Ҳаво Адан боғидан қувиладилар
22Кейин Парвардигор Эгамиз шундай деди: “Мана, инсон ҳамма нарсани — яхшилик ва ёмонликни билиб, Бизга ўхшаб қолди. Энди у қўлини узатиб, ҳаёт дарахти мевасидан ҳам олмасин, мевани еб, абадий яшайдиган бўлиб қолмасин.” 23Шу сабабдан Парвардигор Эгамиз Одам Атони ва Момо Ҳавони Адан боғидан чиқариб юборди. У Одам Атони ернинг тупроғидан ясаган эди, унга энди ўша ерни ишлашга берди. 24У Одам Атони ҳайдаб юборгандан кейин, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқ томонига карубларни#3:24 карублар — қанотли самовий мавжудотлар. Тўлиқроқ маълумотга эга бўлиш учун луғатдаги КАРУБ, КАРУБЛАР сўзига қаранг. ва доимо айланиб турадиган алангали қилични ўрнатди.

Märk

Dela

Kopiera

None

Vill du ha dina höjdpunkter sparade på alla dina enheter? Registrera dig eller logga in